O’zLiDeP Мирзо Улуғбек Кенгаши томонидан Инха университетининг мажлислар залида давра суҳбати ташкил қилинди. Тадбир “Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да малга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти иштирокчиларга тушунтириш масалаларига қаратилди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Мирзо Улуғбек туманидаги маҳаллалар фаоллари, ёшлар, партия фаоллари, Тошкент шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлар, бошланғич партия ташкилоти раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

“Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ҳамда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да малга оширишга оид Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тадбир иштирокчиларига атрофлича тушунтириб берилди.  Тадбирда етти йўналишдан иборат Тараққиёт стратегиясининг барча йўналишлари аҳоли фаровонлиги, инсон қадрини улуғлаш ғояси мужассам эканлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Партиямизнинг асосий ғояларидан бири бўлган Тараққиёт стратегиясининг учинчи йўналишида миллий иқтисодиётни ривожлантириш борасида қатор вазифалар амалга оширилиши кўзда тутилганлиги таъкидланиб ўтилди. Бу албатта, партиямиз электорати бўлган тадбиркорлар ва ишбилармонларимизнинг манфаатларига тўлиқ хизмат қилади. Тараққиёт стратегиясининг 2022 йилга мўлжалланган “Йўл харитаси”да белгиланганидек, рақамли иқтисодиёт асосий “драйвер” соҳага айлантирилиб, унинг ҳажмини камида 2,5 баробар оширишга қаратилган ишларни олиб бориш, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 5 баробар, уларнинг экспортини эса 10 баробар ошириб, 500 млн АҚШ Долларига етказилади. Чунки бу Тараққиёт стратегиясининг аниқ мақсади ва бу мақсадни тўла-тўкис амалга ошириш учун бизда имконият, шарт-шароит ва салоҳият етарлидир.­ Шунингдек, мамлакатимизда рақамли инфратузилмани янада ривожлантириш орқали барча аҳоли масканларини ва ижтимоий объектларини ва магистрал автомобиль йўлларини кенг полосали уланиш тармоқлари билан қамраб олиш, молия ва банк соҳаларида ишлаб чиқариш ва операцион жараёнларини автоматлаштириш бўйича манзилли дастурни тасдиқлаш борасидаги лойиҳа ҳам кенг жамоатчилик томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Албатта, бу мақсадларни амалга ошириш учун молиявий-иқтисодий фаолияти самарадорлигини ошириш, корпоратив бошқарувни оптималлаштириш,  ишлаб чиқариш ва бошқариш жараёнларини автоматлаштириш бўйича катта ва кенг қамровли иш олиб бориш жуда муҳимдир. Яна бир муҳим йўналишлардан бири Маҳалла институти фаолиятининг самарадорлигини ошириш, уни жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантириш, Халқ депутатлари Кенгашларининг маҳаллалардаги муаммоларни ҳал қилишдаги ролини ошириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, турмуш даражасини ошириш, маҳаллий бюджетни шакллантириш ва назорат қилиш бўйича уларнинг масъулиятини кучайтириш, шунингдек барча соҳаларда вазиятни ҳар томонлама ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун таъсирчан чоралар ишлаб чиқишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада кучайтириш, қабул қилинган қонунларнинг амалиётда сўзсиз ва тўлиқ ижро этилишини таъминлашда парламентнинг иштирокини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилмоқда. Бу эса партиямизнинг қонунчилик палатасидаги ва маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳларимиз олдида ҳам катта масъулият талаб қилинади. Умуман олганда, Тараққиёт стратегиясида келгуси беш йилликдаги барча соҳаларни янги босқичга олиб чиқиш, хусусан, фуқаролик жамиятини ривожлантириш, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, ташқи сиёсат борасида қатор янги марраларни забт этиш кўзда тутилмоқда.

Йиғилишда  O’zLiDeP йўналиши ва ғояларидан келиб чиқиб, аввало аҳоли ва партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган бир қатор таклифлар билдирилди.