Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг
2023 йил 7 сентябрдаги26-U-сонли буйруғига 1-илова

ТОШКЕНТ ШАҲРИДАГИ ИНХА УНИВЕРСИТЕТИНИНГ
ОДОБ-АХЛОҚ КОДЕКСИ

PDF форматда очиш

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Одоб-ахлоқ кодекси билан тартибга солинадиган муносабатлар

Ушбу Одоб-ахлоқ кодекси (кейинги ўринларда – кодекс) Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги қонуни, Меҳнат кодекси, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори ҳамда бошқа қонун ва қонуности ҳужжатларга мувофиқ ишлаб чиқилган бўлиб, Тошкент шаҳридаги Инҳа университетнинг (кейинги ўринларда – Университет) профессор-ўқитувчилари, барча ходимлари, бакалвр ва магистратура талабалари, тайёрлов курслари ўқувчилари (кейинги ўринларда – ходим ва талаба) касбий одоб-ахлоқининг тамойиллари, нормалари, таълим жараёни ва хизматдаги хулқ-атворининг асосий қоидалари билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.

2-модда. Одоб-ахлоқ кодексининг мақсад ва вазифалари

Одоб-ахлоқ кодексининг мақсадлари: 

ходим ва талабалар маданиятини миллий ҳамда умуминсоний қадриятлар асосида шакллантириш;

таълим муассасаларига оид одоб-ахлоқнинг тушунчасини шакллантириш ва такомиллаштириб бориш;

ходим ва талабалар Университет ва унинг қадриятларига ҳурмат руҳида тарбиялаш;

Таълим муасссасасида кийиниш, ташқи кўриниш ва хулқ-атворга бўлган талабларни ўрнатишдан иборатдир.

Одоб-ахлоқ кодексининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

Университетнинг ходим ва талабалари ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактик тадбирларни амалга ошириш;

Университетда зўравонлик, шафқатсизлик ва ҳаёсизлик каби номақбул ҳатти-ҳаракатлар билан шуғулланиш ва (ёки) тарғибот-ташвиқот қилинишини олдини олиш;

турли салбий иллатлар ва миллий менталитетимизга ёт бўлган ғоя ва қарашлар, экстремизм, сепаратизм, фундаментализм ва “оммавий маданият”нинг таъсир ҳамда хуружларни тарғибот-ташвиқот қилинишига оид ҳаракатларни олдини олиш;

мазкур номақбул хатти-ҳаракатлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, бартараф этиш;

ходим ва талабаларда юксак ҳуқуқий онгни шакллантириш орқали Ўзбекистон Конституцияси, қонунлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига қатъий риоя қилиш руҳида тарбиялаш;

ходим ва талабаларда фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини доимо ҳурмат қилиш ва ҳимоя қилиш кўникмасини шакллантириш ва юксалтириш;  

ходим ва талабаларда ватанпарварлик, юксак маънавий-ахлоқий фазилатларни шакллантириш ва уларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш; 

Университетда соғлом ижтимоий-психологик муҳитни шакллантириш ва ривожлантириш; 

ходим ва талабаларда ташқи кўринишга оид маданиятни шакллантириш учун шароитлар яратиш; 

Университетнинг давлат ва жамият ҳаётидаги ҳамда таълим тизимидаги нуфузи, обрў-эътиборини асраб-авайлаш ва янада ошириш.

3-модда. Кодекснинг амал қилиш доираси 

Ушбу Кодекс Университетнинг барча ходим ва талабаларига нисбатан татбиқ этилади.

2-боб. Кодекснинг принциплари

4-модда. Университетнинг ходим ва талабалари хулқ-атворининг асосий принциплари

Мазкур Кодекс қонунийлик, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг устуворлиги, ватанпарварлик, хизмат ва ўқиш бурчига содиқлик, адолат, ҳалоллик ва холислик, самарадорлик ва тежамкорлик принципларига асосланади.

5-модда. Қонунийлик принципи

Университет ходим ва талабалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига сўзсиз риоя қиладилар ҳамда ўз хизмат ва ўқиш мажбуриятларини лавозим йўриқномалари, меҳнат шартномалари, ушбу Кодекс қоидалари, Университет Ички тартиб қоидалари ҳамда таълимга оид бошқа меъёрий ҳужжатларга мувофиқ бажарадилар.

6-модда. Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний
манфаатларининг устуворлиги принципи 

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари Университетнинг олий қадрияти бўлиб ҳисобланади. Университет ходим, талаба ва докторантлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўймайдилар ва бундай бузилишлар рўй берган ҳолларда уларни тиклашга кўмаклашадилар.

7-модда. Ватанпарварлик, хизмат ва ўқиш бурчига содиқлик
принципи

Университет ходим ва талабалари ўз ўқиш ва хизмат фаолиятларини маънавий-ахлоқий қадриятлар, Ватанга садоқат, хизмат ва ўқиш бурчига содиқлик асосида жамиятнинг Университетга бўлган талаби ва ишончини ифодалаган ҳолда амалга оширадилар. Xодим, талаба ва докторантлар ўз ўқиш ва хизмат бурчларини ўзаро хайрихоҳлик, ўз манфаатлари ва мафкуравий қарашларидан қатъий назар лозим даражада бажарадилар.

8-модда. Адолат, ҳалоллик ва холислик принципи 

Университет ходим ва талабалари ўз хизмат ва ўқиш фаолиятларини амалга оширишда адолатли, ҳалол ва холис бўлишлари ҳамда Университетга, унга тегишли бўлган сайтлар ва ижтимоий тармоқларга мурожаат қилган барча юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан ушбу принцип талаблари асосида муносабатда бўлишлари шарт.

9-модда. Самарадорлик ва тежамкорлик принципи 

Университет ходим ва талабалари ўз фаолияти самарадорлигини инновацион технологияларни татбиқ этиш ва бошқа йўллар билан доимий равишда ошириб борадилар.

Университет ходим ва талабалари, ўз навбатида Университетнинг мулкига, ўзининг ва бошқа шахсларнинг вақтига масъулият ва эҳтиёткорлик билан ёндашадилар.

3-боб. Коррупцияга қарши курашиш

10-модда. Коррупциянинг ҳар қандай шакл ва кўринишини қабул
қилмаслик

Университет ходим ва талабалари коррупциянинг ҳар қандай шакли ва кўринишини қабул қилмайдилар ва унинг бирор-бир тарзда намоён бўлишига қарши ҳамжиҳатликда қонуний чораларни кўрадилар. 

Ходим ва талабалар коррупцияга қарши курашишлари ва унинг профилактикасига фаол кўмаклашишлари, шунингдек, Университет коррупцияга қарши курашиш сиёсати ва бошқа коррупцияга қарши курашишга оид ҳужжатлар талабларини сўзсиз бажаришлари, ўз фаолиятларини ошкора ва адолатли амалга оширишлари, юқори ахлоқий қадриятлар ва принципларга содиқ қолган ҳолда қонун устуворлигига қатъий риоя этишлари шарт.

4-боб. Xодим ва талабалар юриш-туриш ва расмий мулоқотига оид талаблар

11-модда. Университетда кийиниш ва ташқи кўринишга оид қоидалар

Университет ходим ва талабалари ўз ўқиш ва касбига мос бўлган замонавий кийимда бўлишлари лозим.

Университет ходим ва талабалари бўлган хотин-қизлари танани шаффоф кўрсатиб турадиган, елка, кўкрак ва қорин, тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган ҳамда ҳаддан зиёд тор кийимда, ибодат либосларида,  шунингдек, қулоқчинлар, қулоқ ва бармоқлардан ташқари тананинг турли кўринадиган қисмларига турли зирак ёки металл буюмлар билан, танасининг кўриниб турадиган қисмида пирсинг ёки татуировкада Университетга келишлари мумкин эмас.

Талаба-қизлар университетга оч рангли ва ёрқин рангда бўлмаган блузкаларда, тиззани ёпиб турадиган юбка, классик турдаги шимлар ёки костюм ва тўқ рангдаги пойабзалда келишлари лозим, шунингдек, ўзлари билан зарурий ўқув воситаларини олиб келишлари шарт.

Университет ходими ва талабаси бўлган эркаклар ярим классик ва классик услубдаги кийимда, сочи калта (1 дан 7 смгача) қилинган ва соқоли олинган (бир-икки кунлик) ҳолда келишлари лозим. Бунда, талабалар ўзлари билан зарурий ўқув воситаларини олиб келишлари шарт. Ходим, талабага профессионалликка ва танлаган касбига хос тарзда кийиниш тарғиб қилинади.

Ходим, талаба ва докторантларнинг аудитория ва хизмат хоналарида устки кийим (плаш, пальто, куртка ҳамда бош кийим кабилар) да юришлари тақиқланади. 

Ходимлар, талабалар ва докторантларнинг ташқи қиёфаси ва кийимлари озода, покиза бўлиши лозим.

Шунингдек, ходим, талаба ва докторантларнинг университетга келиши рухсат этилган формасига турли дин ва конфессиялар ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи элементларни (кипа, кашая, хоч, ҳижоб ва бошқалар) қўшишга йўл қўйилмайди.

Дам олиш кунлари (шанба ва якшанба) эркин уст-бошда (танани шаффоф кўрсатиб турадиган, елка, кўкрак ва қорин, тиззадан юқори қисмлари очиқ қоладиган, турли дин ва конфессиялар ҳамда субмаданиятларга мансубликни акс эттирувчи кийимда келиш бундан мустасно) келишга рухсат этилади (расмий тадбирларда иштирок этишга жалб қилинганлар белгиланган кийиниш тартибига амал қилган ҳолда келади).

12-модда. Мажлис ва йиғинларда иштирок этиш

Университет ходим ва талабалари турли тадбирлар (мажлислар, тантанали йиғилишлар, учрашувлар, байрамлар)даги иштироки жараёнида сўзга чиқувчиларга нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишлари, тадбир давомида тинчлик ва осойишталикни сақлашлари шарт бўлиб, раислик қилувчи ва модераторнинг рухсатисиз луқма ташлаш ва сўзга чиқиш мумкин эмас. Зарурат туғилганда нутқлар ўртасида мажлислар залидан чиқиб-кириш мумкин.

13-модда. Биноларда юриш-туриш қоидаларига амал қилиш

Биноларга кириш ва чиқиш жойларида, шунингдек, йўлакларда талабалар ходимларни, эркаклар аёлларни, ёшлар эса катталарни ўзларидан олдин ўтказиб юборишлари лозим. 

Бинога кираётган Университет ходим ва талабалари биноларга кириб-чиқишни назорат қилиш учун тайинланган масъул шахс ёки навбатчига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни (рухсатнома, талабалик гувоҳномаси, паспорт ва ҳ.к.) очиқ ҳолда кўрсатишлари ёки махсус берилган ИД-карта ва фейс-контрол орқали турникетлардан ўтишлари шарт. 

Ходим ва талабалар Университет ҳудудида йўлнинг ўнг томонидан юришлари, шунингдек, йўлак ва холларда мобил алоқа воситалари орқали баланд овозда гаплашмасликлари керак. Бир-бирларига дуч келганда саломлашишлари, бунда: талабалар ходимларга, ёшлар катталарга биринчи бўлиб салом беришлари тавсия этилади.

14-модда. Xодим, талаба ва докторантларнинг расмий мулоқот меъёрлари

Университет ходим ва талабалари ташкилот ва муассасалар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролар билан ўзаро муносабатга киришганда қуйидаги расмий мулоқот меъёр ва қоидаларига амал қилишлари керак: 

ўз ҳаракатларини Университет манфаатларини кўзлаб амалга ошириш, унинг имижини сақлаш ва ошириш, Университет, унинг ходимлари, талабалари номи ва манфаатларига зиён етказадиган ҳаракатларни амалга оширмаслик, шунингдек, улар билан мулоқот қилганда ҳамда  ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардаги ёзишмаларида ўзларининг намунали хулқ-атвори билан Университет ҳақида юксак ижобий таассурот уйғотиш; 

Университет, унинг ходим, талаба ва докторантлари ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёки нотўғри талқин қилинган, нотўғри талқин қилиш учун имкон берадиган маълумотларни тарқатмаслик, бундай маълумотлар тарқалишига йўл қўймаслик, шунингдек, жамоат олдида ва ижтимоий тармоқларда бу мавзуда чиқишлар қилмаслик; 

ходим, талаба ва докторантларнинг розилигисиз уларнинг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор қилмаслик; 

ходим ва талабалар ҳақида уларнинг касбий ва ўқув фаолиятига оид бўлмаган маълумотларни аниқлаштирмаслик; 

хизмат ахборотларини тақдим этиш қоидаларига амал қилиш; 

сўралган ахборотни етарлилик (ҳаддан ташқари қисқа шу билан бирга ўта керагидан ортиқ) ва ишончлилик (қайта текширишни талаб қилмайдиган) талабларига мувофиқ ҳолда тақдим этиш; 

ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида олинган маълумотлардан мақсадга мувофиқ бўлмаган тарзда фойдаланмаслик, шунингдек, уларни Университет раҳбарияти рухсатисиз тарқатмаслик; 

ходим, ва талабаларнинг таълим жараёнидаги фаолияти ва касбий ҳаракатларини асоссиз танқид қилмаслик, жамоат олдида чиқишлар, шуниндек, оммавий ахборот воситалари ва турли хил ижтимоий тармоқларда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ва Университет фаолияти, унинг ходимлари ҳаракатларини ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз ва аниқ далилларга асосланмаган ҳолда муҳокама қилмаслик ва улар ҳақида баҳо бериб, фикр-мулоҳазалар билдирмаслик.

15-модда. Иш ва ўқиш вақтига риоя қилиш

Xодим ва талабалар дарс машғулотлари ва ишга ўз вақтида келишлари, меҳнат ҳамда ўқиш интизомига риоя қилишлари шарт.

16-модда. Университетда ғайриахлоқий ва ножўя хатти-ҳаракатларни содир этишга йўл қўйилмаслиги

Талабанинг ўқишига, ходимнинг эса Университетда меҳнат фаолиятини юритишига тўсқинлик қиладиган қуйидаги ғайриахлоқий ва ножўя хатти-ҳаракатларни содир этиши қатъиян тақиқланади: 

ҳар қандай ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир этиш, жумладан, туҳмат қилиш, ҳақоратлаш; 

гиёҳванд моддалар, психотроп, синтетик воситалар ва уларнинг аналоглари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, вайп, чилим, электрон сигаретлар ва сархуш қилувчи бошқа восита ҳамда моддаларни истеъмол қилиш ва тарқатиш; 

тинчлик ёки осойишталикка қарши тажовуз қилиш, жанжаллашиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинлар ўйнаш; 

Университетга моддий ва унинг ишчанлик обрўсига салбий таъсир этувчи маънавий зарар етказиш; 

ходим, талабага жисмоний, маънавий ёки моддий зарар етказиш; 

ходим, талаба ёки бошқа шахсларнинг мулкига, моддий қимматликларига эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш учун турли кўринишда эгаллаб олиш, башарти ушбу ҳолат тегишли асослар билан ўз тасдиғини топса; 

Университетнинг ҳудуди ва атроф-муҳитини ҳар қандай кўринишда ифлослантириш;

Университет бинолари ва ҳовлисида, шунингдек, Университет биноларига туташган ҳудудда спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки ёхуд бошқа турдаги маҳсулотларни чекиш ҳамда маст ҳолда бўлиш, ташқи кўринишга ва ушбу Кодексда белгиланган қоидаларга зид равишда сочи ўсган ва тўзғиган, соқоли олинмаган (юқорида кўрсатилган узунликдан узунроқ), сочларини ноодатий бир ёки бир неча рангларга бўялган ва кийиниш талабларига риоя қилмаган ҳолда келиш;

Университетга тегишли компьютерларда Университетга тегишли бўлмаган маълумотларни, шунингдек, турли кинофильмлар, ноқонуний маълумотлар, беҳаё сурат ва фильмлар, миллий, ирқий, этник, диний адоватни тарғиб қилувчи, экстремистик, сепаратистик ва фундаменталистик кайфиятдаги ҳар қандай материалларни тайёрлаш, кўриш, сақлаш, тарқатиш ва уларга даъват этиш;

ўқув машғулотлари ва ишга ҳамда ходим ва талабаларнинг осойишталигига халақит берадиган хатти-ҳаракатлар содир этиш (радиоузатгич, телевизор, мультимедиа ва овоз чиқарувчи мосламалардан мақсадсиз фойдаланиш);

ходимлар ва талабалар томонидан сохта маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш;

ходимлар ва талабалар томонидан университет ҳужжатларига қасддан ўзгартириш киритиш ёки уларни йўқ қилиш (бўяш, ўчириш, қўшимча ёзувлар киритиш ёки зарар етказиш);

ўқув жараёнига оид қоида ва талаблар бузилиши билан боғлиқ ҳолатлар академик ҳалолликка оид ички меъёрий ҳужжатлар билан тартибга солинади;

умумбашарий ва миллий қадриятларга хос бўлмаган ёки Университет, унинг ходимлари нуфузига путур етказадиган материалларни Интернет тармоғи ва бошқа ижтимоий тармоқларга жойлаштириш ёки улардан турли номувофиқ мақсадларда фойдаланиш. 

Ходимлар ва талабалар томонидан университетнинг ишчанлик обрўси, қадр-қиммати ва нуфузини туширадиган, таълим жараёнининг маънавий бузилишига олиб келадиган агрессия, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, зўрлаш ва ваҳшийлик, вандализм, миллатлараро низо қўзғатадиган, таъқиқланган диний йўналишдаги, терроризм, экстремизм, ва фундаментализм, шунингдек, беҳаё ва ишқий саҳналарни намоён қиладиган фотосуратлар, видео ва аудиоёзувлардан фойдаланиш ва уларнинг тарқатилишига йўл қўйилмайди. 

Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа ташкилотлар, шунингдек  Университет фаолияти, унинг ходимлари ҳамда талабалари шаъни ва қадр қиммати ҳамда ишчанлик обрўсига салбий таъсир қилувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган, асоссиз ва текширилган далилларга асосланмаган турли хил кўринишдаги маълумот, фикр, мулоҳаза ва муносабатларни Интернет, ижтимоий тармоқлар, шунингдек, бошқа оммавий ахборот манбаларида, тарқатувчиларда, ташувчиларда пайдо бўлиши (ошкор этилиши) мазкур талаба ва докторантнинг ўқишига, ходимнинг эса Университетда меҳнат фаолиятини юритишига тўсқинлик қиладиган ғайриахлоқий ва ножўя хатти-ҳаракат ҳисобланади.

5-боб. Университет раҳбариятининг одоб-ахлоққа оид мажбуриятлари ва касбий фаолиятда манфаатлар тўқнашувига йўл қўймасликка оид тартиблар

17-модда. Раҳбарнинг мажбуриятлари

Раҳбарият ҳамда таркибий бўлинма раҳбарлари (кейинги ўринларда – раҳбар) ўзига бўйсунувчи ходимларга нисбатан юқори профессионаллик, холислик, софлик ва адолатда ўрнак бўлиши, Университет ёхуд унинг таркибий бўлинмасида ижобий, маънавий-психологик муҳит шаклланишига кўмаклашиши лозим. Раҳбар бўйсунувчи ходимлардан уларнинг хизмат вазифалари доирасидан чиқувчи топшириқларни бажаришини талаб қилмаслиги, шунингдек, қонунга хилоф хатти-ҳаракатларни содир этишга ундамаслиги керак. 

Раҳбар ўз фаолиятида:

кадрларни қариндошлик, ҳамшаҳарлик ёки шахсий садоқат белгилари бўйича танлаш ва жой-жойига қўйиш ва меҳнат муносабатларида камситиш ҳолатларига йўл қўймаслиги;

гуруҳбозлик, маҳаллийчилик, фаворитизмга, шунингдек, ўз хизмат вазифаларини бажариш жараёнида бошқа салбий омилларнинг келиб чиқишига йўл қўймаслиги;

қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга психологик ва жисмоний таъсир кўрсатмаслиги;

манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш ва уларни тартибга солиш юзасидан ўз вақтида чора-тадбирлар кўриши;

коррупциянинг олдини олиш чораларини кўриши;

ходимларнинг касбий ва интеллектуал жиҳатдан ривожланишлари учун қулай иш жойи, замонавий компьютерлар, интернет тармоғи, кутубхона фонди ва ахборот ресурсларидан эркин фойдаланишлари, ҳордиқ чиқаришлари, дам олишлари, жисмонан чиниқишлари учун барча шароитларни ички имкониятлардан келиб чиқиб яратиб бериши;

ходимлар фаолиятини самарали ташкил этиб, ўзига ишониб топширилган мулкка ва молиявий маблағларга эҳтиёткорлик ва тежамкорлик билан муносабатда бўлиши шарт. 

Раҳбар қўл остидаги ходимларнинг меҳнат интизомига риоя қилишларини талаб қилиши ва уни таъминлашга масъулдир.

6-боб. Xодим ва талабаларнинг ўзаро 

муносабатларига оид талаблар

18-модда. Xодим ва талабаларнинг ўзаро муносабатлари

Xодим, талаба ва докторантларнинг ўзаро муносабатлари миллий қадрият ва анъаналар, ягона жамоавий муҳит, ўзаро ҳурмат ва эътибор, дўстлик, ҳамжиҳатлик, ҳалоллик ва адолат тамойилларига асосланиши лозим.

Ходим ва талабаларнинг ўзаро муносабатларида инсон қадр-қимматига ҳурматсизлик, шахсиятни камситиш, ўзганинг интеллектуал мулкини ўзлаштириб олиш, қўполлик, беҳаё сўзлар ишлатиш, муштлашиш қатъиян ман этилади.

Педагог ходимлар томонидан талабаларга нисбатан ўқув ва тарбия жараёнидаги юқори талабчанлик уларнинг шахсини ҳурмат қилиш билан биргаликда амалга оширилиши керак.

19-модда. Педагог ходим ва талабаларнинг аудиториядаги ва ундан
ташқаридаги ўзаро муносабатлари

Педагог ходим аудиторияга кирганида, барча талабалар ўринларидан туриб ҳурматларини билдирган ҳолда кутиб олишлари, сўнгра педагог ходим саломлашиб, ўтиришга рухсат бергач, ўз жойларини эгаллашлари керак. Педагог ходим дарсини тугатиб, аудиториядан чиқиб кетаётганда ҳам талабалар ўринларидан туриб, кузатиб қўйишлари лозим. 

Педагог ходимлар ўқув жараёни ва бошқа ҳолатларда ҳам талабаларнинг шахсини ҳурмат қилиши, улар билан муносабатда очиқлик ва  хайрихоҳлик тамойилларига амал қилиш, талабаларга таълим бериш жараёнида ўз вазифаларини беғараз амалга ошириши, талабага муносабатда уларни камситиш, қўпол сўз ишлатиш, ўзини юқори тутиш ва таниш-билишчилик каби ёндашув шаклларини мутлақо қўлламаслик, уларга нисбатан доимо ҳаққоний муносабатда ва холис бўлишлари шарт.

Педагог ходимлар талабаларга уларни қизиқтирган фан ёки ўқув курсига оид масалалар юзасидан дарс жараёнидан ташқари вақтларда берган саволларига ҳам ахлоқ меъёрларига амал қилган ҳолда жавоб қайтаришлари ва уларни фанга бўлган қизиқиш ва иштиёқларини ошириш чораларини кўришлари зарур. 

20-модда. Академик таъқиб ва тазйиққа йўл қўйилмаслиги

Университет ҳаётида раҳбарият ёки педагог ходим томонидан талабаларни уларнинг розилигисиз муайян ишларга жалб этганлик, ҳақ тўламасдан уларнинг меҳнат кучидан фойдаланиш (Университет ва унга бириктирилган бошқа ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан хавфсизлик стандартларига қатъий риоя қилинган ҳолда ихтиёрий шанбалик ва бошқа турдаги тадбирлар ташкил этилган ҳоллар бундан мустасно) мақсадида уларга мурожаат этилганида, талабалар томонидан бундай сўровга рад жавобининг берилиши педагог ходим томонидан келгусида уларга дарс машғулотида паст баҳо қўйиш ёки бошқа турдаги тазйиқ ва таъқиб (academic harassment) қилиш билан боғлиқ муносабат кўрсатилишига имкон бермайди ва бундай таъқиб қаттиқ қораланади.

21-модда. Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш

Дарс машғулотлари вақтида уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш барча учун қатъиян тақиқланади. Уяли алоқа воситаларидан фойдаланишга зарур ва узрли ҳолатларда педагог ходимнинг рухсати билангина рухсат этилиши мумкин.

22-модда. Дарс машғулотида иштирок этиш

Талабаларнинг дарсга кеч қолиб келишларига йўл қўйилмайди. 

Педагог ходим дарс машғулотларига ўзининг ножўя ҳаракатлари билан халақит бераётган (ўз касбий фаолиятига аралашувдан ҳимояланиш мақсадида) талабани юзага келган вазият ҳақида ўқув ишлари бўйича биринчи проректорни (у ўз ўрнида бўлмаганда ёшлар масалалари, маънавий маърифий ишлар бўйича биринчи проректорни) хабардор қилган ҳолда дарсдан четлаштириши мумкин.

23-модда. Дарс машғулотидан ташқари вақтда мулоқот қилиш

Талаба учун педагог ходим билан дарс машғулотларидан ташқари вақтда мулоқот қилиш зарурати бўлса, у ҳолда мулоқот:

маслаҳат соатлари, мустақил иш ёки ўзаро келишув бўйича белгиланган вақтда амалга оширилиши мумкин;

талаба ўзи мулоқот қилмоқчи бўлган педагог ходимнинг лавозими, исми, отасининг исми ва фамилиясини билиши мақсадга мувофиқ.

Асосланган жиддий сабаблар (қўполлик, тамагирлик, дарс сифатининг пастлиги, педагог ходимнинг айби билан машғулотлар ўтказилишидаги мунтазам узилиш ҳолларини исботловчи далиллар ҳамда гуруҳ (курс)нинг якдил фикри мавжуд бўлган ҳолатларда талабалар педагог ходимни алмаштириш ҳақида илтимос билан ўқув ишлари бўйича биринчи проректорга мурожаат қилишлари мумкин.

24-модда. Субординация

Раҳбар ходимларга ходим ва талабалар томонидан бирон-бир масала юзасидан вужудга келган ҳолатлар бўйича мурожаат қилиниши муайян тартиб (субординация тамойили), яъни муносабат билдиришдаги раҳбарият бўғинларига босқичма-босқич чиқиш асосида ташкил этилади. Университет ректорига талабаларнинг тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳолатлари бундан мустасно.

25-модда. Ташаббус ва фаоллик

Xодим, талаба ва докторантларнинг Университетда маънавий-ахлоқий муҳитни янада яхшилаш, таълим сифатини ошириш, инновацион ғоялардан самарали фойдаланиш, турли хил манфаатли тадбирлар уюштириш бўйича ташаббус ва ғоялари рағбатлантирилади.

7-боб. Xодим, талаба ва докторантларнинг одоб-ахлоққа оид мажбуриятлари

26-модда. Одоб-ахлоққа оид мажбуриятлар

Xодим ва талабалар: 

қонун ҳужжатлари ва мазкур Кодекс талабларига риоя этишга;

доимо юксакликка интилиш, ҳалоллик ва адолат билан ҳаёт кечириш каби олижаноб фазилатларни чуқур англашга;

одоб-ахлоққа оид миллий анъаналаримиз, урф-одат ва қадриятларимизни ҳурмат қилишга;

ўз устиларида доимий равишда ишлаш ва қабул қилинаётган қонун ҳужжатларини мунтазам равишда ўрганиб боришга;

ўз вазифаларини виждонан, профессионал даражада амалга оширишга;

Университет обрў-эътибори ва нуфузига доғ туширадиган ҳар қандай ҳаракатларни содир этишдан ўзини тийишга;

Университет тўғрисидаги ахборотлардан унинг манфаатлари ва ишчанлик обрўсига зиён етказиш мақсадида фойдаланмасликка;

Университет мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш (кўчар ва кўчмас мулк, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига ва б.), шу жумладан, хизмат вазифасини бажариш учун берилган моддий техника воситаларидан тўғри ва тежамкорона фойдаланишга;

электр энергияси ва сувни тежамкорона ишлатишга;

бирон-бир нохуш воқеа ёки ҳодиса рўй берса, у ҳақда зудлик билан Университет раҳбариятига хабар беришга;

белгиланган чекловлар ва тақиқларга риоя қилиш, ўз вазифаларини оғишмай бажаришга, xодим, талаба ва докторантларнинг шахсий ва оилавий муаммоларини муҳокама қилмасликка, ҳеч бир шахс ҳақида жинси, ирқи, миллати, тили, диний эътиқоди, ижтимоий келиб чиқиши ва лавозими ҳақида ҳамда бошқа хусусиятларидан қатъи назар нотўғри фикр юритмасликка ва уни камситмасликка;

ходим ва талабалар, шунингдек, бошқа шахслар ҳақида турли иғво, фитна, ғийбат ва бўҳтонлар уюштирмасликка ва тарқатмасликка;

Университет ишчанлик обрўси ёки нуфузига путур етказадиган низоли вазиятларга йўл қўймасликка;

ходим ва талабаларнинг меҳнат ва ўқув жараёнидаги саъй-ҳаракатларига қасддан зиён етказмасликка;

хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракатлар содир этмасликка, шилқимлик қилмасликка, ўзаро муносабатларда умумэътироф этилган ахлоқ қоидаларини менсимасликда ифодаланувчи беҳаё сўзлардан фойдаланмасликка, университет ҳудудида ишқий ва жинсий муносабатларда бўлмасликка;

университет ҳудудида спиртли маҳсулотларни истемол қилмасликка, алоҳида ажратилган жойлардан ташқарида тамаки маҳсулотларини истъмол қилмасликка;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг, шунингдек, Университет раҳбариятининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган (берган) қарорларини (топшириқларини) ўз вақтида ва сифатли бажаришга; 

шахсий фойдаси ҳамда ўзгалар манфаатини кўзлаб ўз мавқеини суиистеъмол қилмасликка;

ҳақиқатни гапиришга, раҳбарлар ва бошқа ходимларни чалғитмасликка;

мутасадди ходимларнинг рухсатисиз турли реклама воситаларини ўрнатмасликка;

касбий фаолияти давомида ўзларига маълум бўлган, уларнинг ошкор этилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб бериладиган ахборотнинг сақланиши ва махфийлигини таъминлаш юзасидан барча чораларни кўришга;

соғлом турмуш тарзини юритиш ва атрофдагиларнинг соғлиғини сақлашга ғамхўрлик қилиш, эстетик ва экологик маданиятнинг ошишига кўмаклашишга; 

танқидий мулоҳазаларни билдиришга ва объектив қарор қабул қилишга, ўз хато ва камчиликларини англаш ва бартараф этишга;

моддий жиҳатдан яхши таъминланганлигини турли йўллар билан атайлаб кўз-кўз қилмасликка;

Ахборот-ресурс маркази ходимлари билан хушмуомала бўлишга, китоблар ва жиҳозларга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга, у ерда уяли алоқа воситаларини ўчириб қўйиш ёки овозсиз режимга қўйишга, баланд овозда сўзлашмаслик ва атрофдагиларга халақит бермасликка, озиқ-овқат истеъмол қилмаслик, қоғоз, сақич ва бошқа чиқиндиларни қолдириб кетмасликка, китобларни олиш ва топшириш тартиб-қоидаларига риоя қилишга;

спорт мажмуасига спорт кийими ва пойабзалида киришга;

спорт инвентарларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга;

машғулотлардан кейин спорт инвентарларини белгиланган жойларга қайта топширишга;

спорт мажмуасининг белгиланган тартиб-қоидаларига риоя қилишга;

Университет аудиториялари, бинолари ва биноларга туташган ҳудудда тозаликни сақлашга;

ҳудудни ифлослантирмаслик, чиқиндиларни жойларда қўйилган махсус қутиларга ташлашга;

шахсий автомобилни тақиқланган жойда қолдирмаслик, йўл ҳаракати қоидаларини бузмаслик  ва менсимасликка (бепарво бўлиш), шунингдек, транспорт воситаларидан фойдаланишда хавф-хатар яратмасликка;

иш (ўқиш)дан ташқари вақтда умумий қабул қилинган одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишлари, ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга йўл қўймасликка мажбур.

27-модда. Одоб-ахлоққа оид қўшимча талаблар

а) талабалар:

нутқ маданиятини доимий такомиллаштириб боришга;

талабаларнинг ўз-ўзини бошқариш тизимини фаол қўллаб-қувватлаш ва мустаҳкамлаш, ижодий фаолиятни ривожлантириш ва жамоавий маданиятни ўстиришга;

педагог ходим билан бошқа талабаларнинг баҳосини муҳокама қилмасликка;

ёзма ишларни ҳимоя қилиш ва рейтинг назоратига доир тартиб-қоидани бажариш вақтида четдан ёрдам олмаслик, ўзгаларга ёрдам кўрсатмасликка;

бошқа шахслар томонидан тайёрланган топшириқлар ёки ёзма ишларни ўз номидан топширмасликка;

машғулотларни сабабсиз ўтказиб юбормасликка ва дарсларга сабабсиз кечикиб келмасликка;

ўқув машғулотлари вақтида Университет ҳудудида беҳуда юрмасликка;

Университет ходимлари ва ўқитувчиларига қўполлик қилмасликка, улар билан тортишмасликка, агарда улар ноҳақ бўлса тегишли шахсларга хабар беришга, ўқитувчиларнинг шахсий ҳаётига оид ноўрин саволлар билан мурожаат қилмасликка, уларга нисбатан адоват сақламасликка  мажбурдирлар.

Шу билан бирга, талабалар xодим, талаба ёки докторант билан низоли вазият юзага келганда ўз ҳиссиётларини жиловлашга ва мазкур вазиятни кўриб чиқиш бўйича тегишли бўлинма ва ходимлар (мураббий, тьютор, ёшлар маслалари, маънавий ва маърифий ишлар бўйича биринчи проректор, ўқув ишлари бўйича биринчи проректор ва ректор) га мурожаат қилишлари;

ўқув жараёнида фаол, эътиборли бўлишга ва педагог ходимнинг кўрсатмаларига қатъий риоя қилишлари;

дарс вақтида гаплашмаслик ҳамда дарс машғулотига тааллуқли бўлмаган ишлар билан шуғулланмасликлари;

жиҳозларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, стол ва стулларга ёзмасликлари;

қоғоз, сақич ва бошқа кераксиз нарсаларни аудиторияда қолдириб кетмасликлари;

аудиторияларда ва овқатланиш жойларидан бошқа жойларда  овқатланмаслик, шунингдек, шахсий компьютер  ва бошқа коммуникация воситаларидан фақат педагог ходим рухсати билан фойдаланишлари;

педагог ходимга машғулотлар вақтида савол ёки илтимос билан қўл кўтарган ҳолда ва рухсат берилганидан сўнг мурожаат қилишлари; 

умумий овқатланиш жойларида таомларга буюртма бериш ва олишда навбат тартибига ҳамда белгиланган қоидаларга риоя қилишлари;

университетда таҳсил олаётган ўғил болалар университет ҳудудига озода, ярим расмий (йиртиқ шим, калта шим, турли расмлар туширилган футболкалар, спорт кийимлари бундан мустасно) ва расмий кийимда, сочларини тартибга солган (тўзғимаган ва турли рангларга бўялмаган), соқоли олинган ҳолда келишлари;

университет томонидан ва ҳамкорлар томонидан ташкил этиладиган тадбирларга таклиф этилган талабалар расмий протокол кийимда келишлари, этикет талаблари доирасида ўзларини тутишлари;

қиз бола талабалар сочлари тартибга солинган, классик ёки ярим классик (шаффоф кийим, ўта ёрқин макияж,  йиртиқ шим, ўта тор шим, спорт кийимида келиш, рўмолни жағидан ўраган, юзини бекитган ва турли тақинчоқлар тақиш ҳолатлари бундан мустансно) кийимда келишлари;

университет шаънига доғ туширадиган ва асосланмаган маълумотларни Интернет, ижтимоий тармоқлар ва бошқа оммавий ахборот воситаларида тарқатиш ва муҳкома қилмасликлари; 

талабалар турар жойи Ички тартиб қоидасига қатъий риоя қилишлари шарт.

б) ходимлар:

ўз хизмат жойидаги тартиб-интизомга ва Университет ички тартиб қоидаларига риоя қилишга;

таътилдан олдин ёки меҳнат шартномаси бекор қилинганда ўз хизмат жойини талабга жавоб берадиган ҳолатда қолдиришга, ўз зиммасидаги оргтехника воситалари ва бошқа материалларни, ўзига топширилган, лекин ҳали якунланмаган вазифаларни бошқа шахсга топширмасликка;

телефон орқали мулоқот қилишда муомала маданияти ва ахборот тақдим этиш қоидасига риоя қилишга (жумладан, суҳбатни энг аввал расмий тарзда саломлашишдан бошлаб, сўнг ўз хизмат муассасаси, лавозими ҳамда фамилияси, исми, шарифини айтиб, мақсадга ўтиш лозим, тақдим этилаётган ахборот максимал қисқа, лўнда ва аниқ бўлиши керак, сўралаётган маълумот суҳбат жараёнида изланиши туфайли телефон тармоғини банд қилишга йўл қўйилмайди, зарурат бўлса, қайта қўнғироқни амалга ошириш мумкин);

ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга;

ёшлар орасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларни ичкиликбозлик ва гиёҳвандлик иллатларидан, бошқа турли ҳалокатли таҳдидлар ҳамда биз учун ёт бўлган экстремистик таъсирлардан, “оммавий маданият” хуружларидан огоҳ этиб боришга;

таълим олувчиларни маънавий-ахлоқий тарбиялашда ва маърифий ишларнинг самарали шакл ҳамда услубларини ишлаб чиқишга кўмаклашишга;

ўз хизмат вазифаларини виждонан бажаришга шубҳа туғдирадиган хатти-ҳаракатларни қилмасликка, талабалар билан ўз ҳамкасбларини касбий ва шахсий камчиликларини муҳокама қилмасликка;

таълим олувчиларга нисбатан тазйиқ ўтказиш, тегажоғлиқ ва зўравонлик қилиш каби шаън ва қадр-қимматини камситадиган ножўя-хатти ҳаракатларни содир этмасликка;

талабага нисбатан адоватга бормасликка;

академик гуруҳда (курсда) талабалар хулқининг умумий маданий ҳолати ҳақида ўқув ишлари бўйича биринчи проректорга керак бўлган ҳолларда таъсир чоралари кўриш лозимлиги юзасидан ёзма маълумот тақдим этиш каби талабларни бажарадилар.

8-боб. Рағбатлантириш ва чора кўриш тартиби

28-модда. Ходим ва талабаларни рағбатлантириш

Ўқув йили давомида мазкур Кодексга тўла риоя қилган, Университетда юксак маънавий-ахлоқий муҳитнинг янада қарор топиши ва мустаҳкамланишига ўз ҳиссасини қўшган ходим ва талабалар раҳбарият, профессор-ўқитувчи ва бошқа таркибий бўлинма раҳбарлари тавсиясига биноан белгиланган тартибда моддий ёки маънавий рағбатлантирилишлари мумкин.

29-модда. Кодексга риоя қилишнинг аттестация ва бошқа
жараёнлар учун аҳамияти

Ходимлар томонидан мазкур кодексга риоя этилиши аттестациялар ўтказишда, юқори ва бошқа лавозимларга тайинлаш (карьеравий ўсиш) учун кадрлар захирасини шакллантиришда ҳисобга олинади.

30-модда. Кодекс қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик

Университет xодим, талаба ва докторанти томонидан мазкур Кодекс қоидаларининг бузилиши уни белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилади. 

31-модда. Кодекс ва ички тартиб-қоидаларнинг ўзаро муносабати

Ходим ва талабалар мазкур Кодекс қоидаларини бузганида, уларга нисбатан Университет Ички тартиб қоидаларининг VII бобида (Меҳнат ва ўқиш интизомини бузганлик учун жавобгарлик) қайд этилган чоралар қўлланилади. 

9-боб. Одоб-ахлоқ комиссияси фаолиятини ташкил этиш

32-модда. Одоб-ахлоқ комиссияси

Мазкур Кодекс нормаларининг ходим ва талабалар томонидан бузилишига оид масалалар, қоида тариқасида, Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

Шунингдек, Одоб-ахлоқ комиссияси, қоида тариқасида, университет ректорининг кўрсатмаси бўйича;

хизмат текшируви натижаларига кўра;

ўз ташаббуси билан;

Университет xодими, талабаси ва докторантларидан, шунингдек, университетга алоқа каналлари орқали келиб тушган ахборот асосида ҳам ушбу турдаги масалаларни кўриб чиқиши мумкин.

Одоб-ахлоқ комиссияси камида 5 кишидан кам бўлмаган таркибда тузилади. Одоб-ахлоқ комиссиясининг мақсади, вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва унинг фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ бошқа масалалар университет ректори томонидан тасдиқланган Одоб-ахлоқ комиссияси тўғрисидаги низомда белгиланади.

33-модда. Одоб-ахлоқ комиссияси хулосаси 

Одоб-ахлоқ кодексининг бузилиши ҳолатларини Одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқиш натижалари бўйича интизомий ёки бошқа тарздаги қоида бузилишларининг мавжудлиги (мавжуд эмаслиги) тўғрисида хулоса чиқарилади. Айни вақтда Университет ректорига кўриб чиқиши учун қоидабузар xодим, талаба ва докторантни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклиф киритилади. Йўл қўйилган қоида бузилишининг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда Одоб-ахлоқ комиссияси ходим ва талабага нисбатан Одоб-ахлоқ кодексининг бузилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги огоҳлантириш билан чекланиши мумкин.

Одоб-ахлоқ кодексига риоя этмаган ходим ва талабани интизомий жавобгарликка тортиш бўйича буйруқ лойиҳаси ёшлар масалалари, маънавий ва маърифий ишлар бўйича биринчи проректор (талабаларга нисбатан), Ходимлар бўлими (ходимларга нисбатан) томонидан тайёрланади.

Одоб-ахлоқ кодексига риоя этмаган ходимларга нисбатан махсус комиссиянинг қарорига асосан, университет ректорининг бўйруғи билан Ўзбекистон Республикасининг меҳнат қонунчилигига мувофиқ чоралар қўлланилади.

Одоб-ахлоқ кодексига риоя этмаган талабаларга нисбатан махсус комиссиянинг қарорига асосан, университет ректорининг бўйруғи билан қуйидагти интизмоий чоралар қўлланилади: 

– ҳайфсан эълон қилиш;

– бир йилдан икки йилгача бўлагн муддатга ўқишдан четлаштириш;

– талабалар сафидан четлаштириш.

Ходим ва талабалар ўзлари йўл қўйган қоида бузилиши, қоида бузилишининг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборотни олиш ва ўзини ҳимоя қилиш учун далилларни тақдим этиш, шунингдек, Университет қарорлари юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

34-модда. Жамоатчилик назорати

Ходим ва талабанинг хулқ-атвори устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш мақсадида, мазкур Кодексга риоя этмаганлик ҳолатлари Касаба уюшмаси қўмитаси, Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотида ҳам муҳокама қилиниши амалиёти жорий этилиши мумкин.

10-боб. Якуний қоида

35-модда. Кодекснинг кучга кириши ҳамда унга ўзгартиш ва
қўшимчалар киритиш

Мазкур кодекс университет Кенгаши томонидан тасдиқланганидан cўнг ректорнинг бўйруғи асосида кучга киради ва унга ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритиш университет Кенгаши қарорига биноан ректорнинг бўйруғи билан амалга оширилади.

PAGE   * MERGEFORMAT2